«Барселона» ярим ҳимоячиси Френки де Йонг Каталония клуби унинг жароҳати ҳақида маълум қилганидан сўнг баёнот берди.
Мухлисларга мурожаат қилар экан, де Йонг ўз жароҳати ва «Барселона»даги вазият атрофидаги миш-мишлар фонида ушбу баёнотни беришга қарор қилганини айтди. Футболчининг сўзларига кўра, кимдир унинг клубга бўлган садоқатини шубҳа остига қўяётганини кузатиш унга оғир ботмоқда.
«Жаҳон чемпионати вақтида тиззамдан жароҳат олгандим. Дастлабки текширувлардан сўнг шифокорлар жароҳат жиддий эмаслигини ва ўйнашда давом этсам, аҳвол ёмонлашмаслигини айтишганди. Ягона муаммо оғриқ эди, лекин фаолиятим давомида жамоага ёрдам бера оладиган бўлсам, ҳам клубда, ҳам терма жамоада оғриққа чидаб ўйнаганман.
Таътил вақтида қўшимча текширувлар учун Барселонага қайтдим. Улар жароҳат аввал тахмин қилинганидан кўра жиддийроқ эканини кўрсатди. Хайриятки, ушбу босқичда жарроҳлик амалиёти талаб этилмайди ва ҳозирда бор эътиборимни тикланишга қаратганман», — деб ёзди де Йонг.
Де Йонг баъзи нарсаларни назорат қилиб бўлмаслигини, «Барселона» ва Нидерландия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилишни ўзи учун шараф деб билишини таъкидлади. Френки, шунингдек, қўллаб-қувватлагани учун мухлисларга миннатдорчилик билдирди.













