Мадриднинг «Атлетико» клуби англиялик вингер Жейдон Санчони трансфер қилишга қизиқиш билдирмоқда. Bild нашрининг хабар беришича, Испания клуби вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва англиялик футболчини ҳужум чизиғини кучайтириш учун потенциал номзод сифатида кўриб чиқмоқда, аммо ҳозирча ўйинчининг агентларига расмий таклиф билан чиққани йўқ.
Июль ойи бошида «Манчестер Юнайтед» билан шартномаси якунлангач, Санчо эркин агент мақомида бўлиб турибди ва янги клуб билан товон пулисиз шартнома имзолаши мумкин. 26 ёшли футболчини ортга қайтаришга Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳам қизиқмоқда.
Германияликлар Санчо агар маошининг сезиларли даражада камайишига рози бўлса, у билан шартнома тузишга тайёр. Унинг асосий маоши тахминан 5 миллион еврони ташкил этиши кутилмоқда. Бундан ташқари, «Боруссия» кўпроқ натижаларга боғлиқ бўлган контракт таклиф қилмоқчи. Англиялик футболчи текинга тушишига қарамай, клуб раҳбарияти унга имзо бонуси тўлашга тайёр эмас.













