Марк ван Боммел Бельгия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинлангани ҳақида фикр билдирди.
Аввалроқ 49 ёшли нидерландиялик мутахассис 2028 йилги Европа чемпионати якунига қадар мўлжалланган шартномага имзо чеккани хабар қилинган эди. «Барселона» ва «Бавария»нинг собиқ футболчиси 15 августдан расман ўз вазифасига киришади.
«Бельгия терма жамоаси бош мураббийи бўлиш мен учун катта шараф. Менга билдирилган ишонч учун Бельгия Қироллик футбол ассоциациясига миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Бельгияда ажойиб футболчилар ва жуда катта потенциал мавжуд. Мураббийлар штабим билан биргаликда энг кучли терма жамоалар билан рақобатлаша оладиган, тартибли, амбицияли ва жасур жамоа тузишни мақсад қилганмиз.
Муваффақиятга ҳеч қачон кафолат бериб бўлмайди, аммо машаққатли меҳнат, ҳалоллик ва ўз ишига фидойилик кафолатланади. Биз ушбу жамоанинг ҳар куни ривожланишига ва Бельгия халқи биз билан фахрланишига эришиш учун қўлимиздан келган барча имкониятни ишга соламиз.
Футболчилар, ходимлар ва мухлислар билан кўришишни ҳамда ушбу янги саҳифани биргаликда бошлашни сабрсизлик билан кутяпман», — деди ван Боммел.













