«Челси» шу ёзда Педру Нетуни сотишга фаол ҳаракат қилмаяпти, аммо бир қанча клублар томонидан қизиқиш ортиб бораётгани фонида португалиялик вингер учун салмоқли сумма талаб қилишга тайёр.
«Кўклар» 26 ёшли футболчига «Манчестер Сити», «Ливерпуль» ҳамда Саудия Арабистони клублари томонидан қизиқиш борлигидан хабардор, бироқ уни арзонга қўйиб юбориш ниятида эмас.
Европанинг топ-вингерлари нархи кескин ошгани «Челси»нинг позициясини янада мустаҳкамлади. Жумладан, «РБ Лейпциг» Ян Диомандени 100 миллион фунтдан ортиққа баҳоламоқда, «ПСЖ» эса Брэдли Баркола учун шунга ўхшаш юқори нарх белгилаган.
«Челси» Нету учун бу даражадаги суммани кутмаётган бўлса-да, трансфер бозоридаги мавжуд вазият Португалия терма жамоаси аъзоси қимматбаҳо актив экани ҳақидаги ишончни янада мустаҳкамлади.
Клубдаги манбаларнинг ҳисоблашича, ҳозирда трансфер бозорида юқори даражадаги қанот ҳужумчилари танқис бўлиб турган бир вақтда Нетунинг эътиборни тортиши табиий ҳолдир.
«Манчестер Сити»нинг қизиқиши айниқса эътиборга молик, чунки бош мураббий Энцо Мареска «Стемфорд Бридж»даги фаолияти давомида Нетудан асосий ўнг вингер сифатида фойдаланган эди.
Нету ҳозирда Португалия терма жамоаси сафидаги Жаҳон чемпионатидан сўнг берилган таътилни ўтказаётгани сабабли «Челси»нинг Австралиядаги мавсумлароаро турнесида иштирок этмаяпти.
Бу орада яна бир португалиялик вингер Жовани Кенда енгил жароҳатидан тузалгач, турненинг Австралиядаги босқичидан сўнг жамоага келиб қўшилиши кутилмоқда.
Шунингдек, «Челси» таркибида янги ҳужумчи Эммануэль Эмега ҳам йўқ, у «Бромли» ва «Кроули»га қарши ёпиқ эшиклар ортида кечган ўртоқлик ўйинларида гол ургач, сон мушакларидан жароҳат олиб, тикланиш жараёнини ўтказмоқда.













