Италиялик мутахассис Андреа Пирло Италия миллий терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланиши билан боғлиқ вазият юзасидан оммавий баёнот берди.
Аввалроқ 47 ёшли мутахассис терма жамоани бошқариш таклифини қабул қилгани ва яқин кунларда шартнома имзолаши кутилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ унинг Россия билан боғлиқ тижорат алоқалари туфайли номзодига нисбатан янги саволлар пайдо бўлди.
Май ойи охирида Пирло Москва шаҳрида Россиянинг букмекерлик компанияси томонидан ташкил этилган реклама тадбирида қатнашган. Мураббий ушбу компания билан расман ҳамкорлик қилади. Агар у Италия терма жамоаси бош мураббийи этиб расман тайинланса, мазкур шартнома автоматик тарзда бекор қилинади. Шунга қарамай, Италия футбол федерацияси (FIGC) бу масалани қўшимча равишда ўрганишга қарор қилди.
Бу ҳолат федерация ичида «боши берк кўча»ни юзага келтирди. FIGC техник директори Паоло Мальдини ва унинг маслаҳатчиси Леонардо Пирлони миллий жамоанинг янги лойиҳаси учун энг муносиб номзод деб ҳисобламоқда. Бироқ якуний қарор федерация президенти Жованни Малаго қабул қилади. У Пирлонинг тижорат шартномаси ҳақида олдиндан хабардор қилинмаган, шу боис ҳамкорликнинг ҳуқуқий оқибатларини ўрганишни юристларга топширган ва энди «сиёсий ҳамда институционал мақсадга мувофиқлик» масалаларини ҳам инобатга олишга мажбур.
Пирло ижтимоий тармоқларда қуйидаги баёнот билан чиқди:
«Сўнгги кунларда исмим атрофида юзага келган муҳокамалар ва Италия терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланиш эҳтимоли ҳақидаги баҳсларни катта алам билан кузатдим.
Давлат институтлари, Федерация ва ушбу жараёнга алоқадор барча шахсларга бўлган ҳурматим туфайли шу вақтгача сукут сақлашни маъқул кўрдим. Бироқ айрим жиҳатларга ойдинлик киритишни ўз бурчим деб биламан.
Футболчилик фаолиятим давомида ҳам, ҳозир мураббий сифатида ҳам мен ҳар доим ишлаган мамлакатларим қонунлари ва имзолаган шартномаларим талабларига тўлиқ амал қилиб келганман. Сўнгги баҳсларга сабаб бўлган профессионал ҳамкорлик Бирлашган Араб Амирликларидаги фаолиятим билан боғлиқ бўлиб, у мутлақо тижорат ва спорт хусусиятига эга.
Бу ҳамкорликка сиёсий тус бериш — мен ҳеч қачон билдирмаган ва менга мутлақо бегона бўлган қарашларни менга нисбат бериш демакдир.
Менга билдирилган ишонч ва ҳурмат учун Паоло Мальдини ҳамда Леонардога миннатдорчилик билдираман. Уларнинг касбий маҳорати, жиддий ёндашуви ва Италия футболига бўлган муҳаббатини яхши биламан.
Спортга оид қарорнинг қисқа вақт ичида оммавий қарама-қаршиликка айланиб кетгани, менга эса менга алоқаси бўлмаган маъно ва ниятлар "ёпиштирилаётгани" мени чуқур ранжитади.
Италияга бўлган муҳаббатим қайси лавозимда ишлашимга боғлиқ эмас. Бу менинг ҳаётим ва шахсиятимнинг ажралмас қисми бўлиб, доимо мен билан қолади», — деб ёзди Пирло ижтимоий тармоқларда.













