Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров «Марказий сектор» подкастидаги чиқишида бўлажак Осиё Кубоги ҳақида фикр билдирди.
«Осиё Кубоги мусобақаси осон ўтмайди. Мазкур мусобақага миллий терма жамоамиз энг яхши ҳолатда боришини истардим. Жаҳон чемпионатида Ҳусниддин Алиқулов, Жалолиддин Машарипов каби футболчиларимиз жароҳат сабаб майдонга туша олмагани ҳам ўз сўзини айтди. Саралашда қандай ўйин намойиш қилгандик? Ҳар бир футболчи ўзининг етук формасида эди. Осиё Кубогида ҳам шундай бўлади деб умид қиламан. Вазифа — Осиё чемпиони бўлиш.
Биз ҳамма томондан энг яхши ҳолатда бўлсак, Осиё Кубоги финалига чиқадиган кучимиз бор. Чунки охирги пайтлар Эронни 4-5 марта ютдик. Эрон ҳар доим Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган жамоа. Олдин улар билан ўйнашга қўрқардик. Ҳозир Эрон қўрқяпти биздан.
2011 йилдаги Осиё Кубоги кўп эсланади. Ўшанда биз Австралиядан 6 та гол ўтказиб юборгандик. Жаҳон чемпионатида эса биз Португалиядек терма жамоадан 5 та гол ўтказиб юбордик. 2023 йилги Осиё Кубогида биз ўша Австралия билан дуранг ўйнагандик», — деб эслади Отабек Шукуров.













