«Сурхон» вакили Анвар Ғофуров «Хоразм»га қарши учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида баҳс ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳар икки жамоа учун ҳам очколар муҳим бўлгани сабабли учрашув оғир кечиши кутилган.
«Хоразм»га ҳам, бизга ҳам очколар жуда зарур эди. Шунинг учун осон ўйин бўлмаслигини билардик. Рақиб баҳсга пухта тайёргарлик кўргани ва ўйинларимизни яхши таҳлил қилгани майдонда сезилди», — деди Ғофуров.
Унинг сўзларига кўра, «Сурхон»да гол уриш учун етарлича имкониятлар бўлган, аммо жамоа улардан унумли фойдалана олмаган.
«Учрашув давомида бир нечта яхши вазиятлар яратдик. Шу билан бирга, дарвозамиз олдида ҳам хавфли ҳолатлар бўлди. Афсуски, ўз имкониятларимиздан самарали фойдалана олмадик. Камчиликларимиз бор ва уларни бартараф этиш устида ишлашимиз керак. Лекин футболчилар майдонда бор куч ва имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилишди. Бу мени қувонтирди», — деди у.
Ғофуров кейинги турдаги «Қўқон-1912»га қарши учрашув ҳақида ҳам тўхталди.
«Олдимизда муҳим ўйин турибди. Рақибни чуқур таҳлил қилиб, баҳсга пухта тайёргарлик кўрамиз. Мақсадимиз — мухлисларимизни хурсанд қиладиган ўйин намойиш этиш ва ижобий натижага эришиш», — деди мутахассис.
Шунингдек, у «Хоразм» жамоасига ҳам юқори баҳо берди.
«Хоразм» яхши футболчилар ва малакали мураббийлар штабига эга жамоа. Уларнинг ўз ўйин услуби бор ва шу йўналишда изчил ҳаракат қилишмоқда. Кейинги учрашувларда уларга омад тилайман», — деди Анвар Ғофуров.
Якунда у стадионга келиб жамоани қўллаб-қувватлаган барча мухлисларга миннатдорлик билдирди.













