«Брентфорд» «Ланс» ярим ҳимоячиси Мамаду Сангаре билан шартнома имзолашга яқин турибди. L'Équipe хабарига кўра, Англия клуби музокараларнинг якуний босқичида ва трансфер суммаси тахминан 48 миллион еврони ташкил этиши мумкин.
Агар битим амалга ошса, 24 ёшли малилик футболчи «Ланс» тарихидаги энг қиммат сотилган ўйинчига айланади. Амалдаги рекорд Лои Опендага тегишли бўлиб, у 2023 йилнинг ёзида 40 миллион евро эвазига «РБ Лейпциг»га ўтган эди.
Сангаре ўтган мавсумнинг асосий кашфиётларидан бири бўлди ва 33 та ўйинда 3 та гол уриб, 4 та голли узатма муаллифига айланди. «Ланс» ярим ҳимоячини ўтган ёзда Венанинг «Рапид» клубидан 5 миллион еврога сотиб олган эди.
Томонлар ўртасида ҳали якуний келишувга эришилгани йўқ. Футболчига «Кристал Пэлас» ҳам қизиқиш билдирмоқда ва рақибининг таклифини ортда қолдиришга ҳаракат қилиб кўриши мумкин.













