Ёзги трансферлар ойнасида таркибни кучайтириш мақсадида «Андижон» клуби дарвозабон Артём Потапов, ҳимоячи Нодирхон Неъматхонов ҳамда ярим ҳимоячи Шоҳмалик Комилов билан расмий шартнома имзолади.
Артём Потапов 1994 йил 28 июнь куни Россиянинг Оренбург шаҳрида туғилган. Дарвозабон фаолияти давомида Россиянинг «Акрон», «Краснодар-2», «УФА-2», «Мордовия», «Крилья Советов», «СКА-Хабаровск», Хорватиянинг «Луко», Беларуснинг «Торпедо Минск» ва «Минск», Қозоғистоннинг «Қайсар», Арманистоннинг «Алашкерт» ҳамда «Арарат» клублари сафида тўп сурган. У 2023 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритиб, «Сурхон» ва «Хоразм» жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Жорий мавсумнинг биринчи қисмида «Сурхон» сафида 2 та учрашувда майдонга тушган. Фаолияти давомида эса 231 та расмий ўйинда иштирок этган.
Нодирхон Неъматхонов 2001 йил 14 июнь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. «Пахтакор» академияси тарбияланувчиси ҳисобланган ҳимоячи шу вақтга қадар «Пахтакор» U-21, ОКМК U-21, «Шўртан», «Нефтчи» ва «Сурхон» клубларида ўйнаган. У жорий мавсумнинг биринчи қисмида «Сурхон» сафида 11 та учрашувда иштирок этди. Фаолияти давомида эса 80 та ўйин ўтказган.
Шоҳмалик Комилов 2000 йил 14 март куни Қашқадарё вилоятида туғилган. Ярим ҳимоячи сифатида «Насаф», «Динамо», «Турон», «Бухоро», Грузиянинг «Мерани Мартвили» ҳамда «Навбаҳор» клубларида тўп сурган. Жорий мавсумнинг биринчи қисмида «Навбаҳор» сафида 11 та учрашувда қатнашиб, 2 та гол ва 1 та голли узатма муаллифи бўлди. Фаолияти давомида 134 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол урган.
«Андижон» клуби янги футболчилар жамоанинг келгуси муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдириб, уларга омад тилади.













