Кириш Регистрация

Ижтимоий тармоқларда «Бунёдкор»ни қутқаринг» акцияси бошланди

Баҳо:
+ | -

Оғир молиявий инқироз сабаб сафар ўйинига бора олмаган Тошкентнинг “Бунёдкор” клубини қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий тармоқларда оммавий акция ўтказиш таклифи илгари сурилмоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “Бунёдкор” атрофидаги вазиятга тўхталиб, клубни қутқариб қолиш учун барча футбол мухлисларини бирлашишга чақирди.

Унга кўра, агар “Бунёдкор” Суперлиганинг 16-тур учрашувини ўз майдонида ўтказса, қайси жамоага ишқибозлик қилишидан қатъи назар, барча футбол мухлислари чипта сотиб олиб, стадионни тўлдириши лозим.

“Тошкентда бўлсак, қайси жамоа мухлиси бўлишимиздан қатъи назар, чипта харид қилиб стадионга тушишимиз ва жамоани қўллаб-қувватлашимиз керак. Тахминан 30 минг сўмдан чипта олиб стадионга келиш акциясини ўтказсак, салкам 1 миллиард сўм маблағ йиғиш мумкин. Шундай қийин вақтда футболни яхши кўришимизни амалда кўрсатиб, ‘Бунёдкоръни ва ўзбек футболини қўллаб-қувватлайлик”, дейилади мурожаатда.

Жамоатчилик томонидан бошланган ушбу флешмобга Ўзбекистон профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) ҳам рамзий маънода қўшилди. Ташкилот оғир вазиятга тушиб қолган клубни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзининг Telegram’даги расмий каналининг бош профил суратини (логотипини) вақтинчалик “Бунёдкор” клуби эмблемасига ўзгартириб қўйган. Шунингдек, ЎзПФЛ Суперлиганинг 16-туридан ўрин олган “Бунёдкор” — ОКМК учрашувини ташкил этиш масаласида “Бунёдкор” билан ҳамкорлик қилишини маълум қилган.
Шунингдек, Суперлиганинг бир қатор клублари ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали “қалдирғочлар”ни қўллаб-қувватлашини билдирган.
Кенг тарқалган ушбу қўллаб-қувватлаш акциялари ортидан “Бунёдкор” футбол клуби расмий изоҳ билан чиқди. Клуб ўзининг оғир иқтисодий ҳолатда эканини тасдиқлаб, жамоа тақдирига бефарқ бўлмаган барчага миннатдорчилик билдирди.

Баёнотда таъкидланишича, ўзининг ажойиб тарихи, катта инфратузилмаси ҳамда икки юлдузли академиясига эга клуб инқироздан чиқиш учун жиддий иш олиб бормоқда. Ҳукумат томонидан 2026 йил давомида ажратилиши лозим бўлган 35 миллиард сўмнинг иккинчи 10 миллиард қисмини клуб ҳисоб рақамига йўналтиришни тезлаштириш ва жамоага ҳомий бириктириш бўйича ишлар жадаллашган. Клуб раҳбарияти мамлакатда футболга катта эътибор қаратилаётган бир даврда “Бунёдкор”даги вазият ҳукумат эътиборисиз қолиб кетмаслигига умид билдириб, ишқибозларни хотиржамликка чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бунёдкор” футбол клуби йўл харажатлари ҳамда меҳмонхона учун маблағ йўқлиги сабабли 15-тур доирасидаги “Қизилқум”га қарши сафар ўйинига бора олмаслигини маълум қилган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон профессионал футбол лигаси регламентга мувофиқ пойтахт клубига техник мағлубият ёзилишини билдирганди.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 17:47, 31.07.2026.
Ўқилди: 912 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик