Бенжамен Менди 2018 йилги Жаҳон чемпионати кубогининг нусхасини аукционда 62 минг долларга сотди. Франция терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси ушбу битимни тасдиқлади ва совринни хоҳлаганча тасарруф этишга ҳақли эканини айтди.
«Бу менинг кубогимми ёки сизникими? Мулоҳаза қилиб кўрилса, у менга тегишли. Бу менинг кубогим. Мен у билан хоҳлаган ишимни қиламан. Қолаверса, у шкафда жуда кўп жойни эгаллаб турган эди», — деб ёзди Менди ўз ижтимоий тармоқларида.
Кейинроқ 32 ёшли футболчи бир нечта кубоклар тасвирланган суратни жойлаб, фаолиятидаги бошқа совринларни ҳам сотиб юбориши мумкинлигига шама қилди.
Зўрлашда айблангани билан боғлиқ жанжалдан сўнг, футболчи юқори даражага қайта олмади. У «Лорьян» ва «Цюрих»даги фаолиятидан сўнг Польшанинг «Погонь» клубига кўчиб ўтди ва у ерда ойига 11 минг евро маош олмоқда.













