Дональд Трамп Жанни Инфантинога ФИФА президенти лавозимини сақлаб қолишда ёрдам беришга ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада ФИФАнинг турнирлар ҳуқуқларини сотиш бўйича FIFA Forward Enterprise (FFE) деб номланган янги тижорат тузилмасини ташкил этиш режалари ҳақида маълум бўлган эди. Кейинчалик Инфантино футбол конфедерациялари томонидан билдирилган танқидлар ҳамда УЕФАга аъзо мамлакатларнинг ЖЧга бойкот эълон қилиш таҳдиди фонида бу ғоядан воз кечишга қарор қилганди.
Бугун New York Post нашри Европа футбол ассоциациялари томонидан ишонч йўқотилгани манзарасида Инфантино АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан музокаралар ўтказишни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Швейцариялик мутахассис бўлажак ФИФА сайловлари олдидан АҚШ президенти маъмуриятининг қўллаб-қувватлашига эришиш учун Трамп кабинети мулозимлари билан телефон орқали боғланишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди.
Кейинчалик Рубионинг ёрдамчиси Халқаро футбол федерацияси раҳбари билан музокаралар ўтказилаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди.
Шундай бўлса-да, АҚШ президенти маъмуриятидаги юқори мартабали мулозим Трамп Инфантинога ёрдам беришга ҳаракат қилишини айтди, деб ёзмоқда The Telegraph.
«Жанни бизга тарихдаги энг яхши жаҳон чемпионатини ўтказишда жуда катта ёрдам берди. У президентга жуда ёқади. Президент унга ёрдам бериш учун қўлидан келган барча ишни қилишига аминман.
Президентнинг у ҳақидаги фикри ўзгаради деб ўйламайман, чунки у ўз иттифоқчиларига содиқдир. Жанни Жаҳон чемпионатини Қўшма Штатларга олиб келди. Биз буни юқори баҳолаймиз», — деди манба.













