BILD нашри хабарига кўра, «Байер Леверкузен» Мусса Диабини ортга қайтариш бўйича трансфер устида ишламоқда. Тезкор вингер Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубида ўзини ноқулай ҳис қилмоқда ва «БайАрена»га қайтиш йўлларини изламоқда.
Диаби 2019 йилдан 2023 йилгача «доришунослар» шарафини ҳимоя қилиб, 172 та расмий ўйинда 49 та гол ва 47 та голли узатма муаллифига айланган эди.
«Астон Вилла»даги фаолиятидан сўнг, Франция терма жамоасининг 11 та ўйинда майдонга тушган аъзоси 2024 йилнинг ёзида 60 миллион евро эвазига Саудия Про-лигасига кўчиб ўтди. Бироқ у бу давр мобайнида «Байер» раҳбарияти билан алоқани узмаган.
Хабарда айтилишича, «Байер» спорт директори Симон Рольфес ва Диаби ўртасида илғор даражадаги музокаралар кечмоқда. «Интер» томонидан қизиқиш бўлишига қарамай, футболчининг ўзи қатъий равишда «Байер»ни афзал кўрмоқда.
Маълумотларга кўра, Диабини 30 миллион евродан камроқ суммага сотиб олиш мумкин. У ушбу трансфер амалга ошиши учун Саудия Арабистонида олаётган (солиқлардан ташқари 10 миллион евродан ортиқ) катта маошининг сезиларли қисмидан воз кечишга ҳам тайёр.













