Европа футбол уюшмалари иттифоқи (УЕФА) еврокубок мусобақаларида сариқ карточкалар учун бериладиган дисквалификация қоидаларига ўзгартиш киритди.
2026/2027 йилги мавсумдан бошлаб Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигасининг умумий босқичида футболчилар ҳамда жамоа расмийлари четлатишга сабаб бўлмаган тўртта сариқ карточкадан кейин автоматик тарзда бир ўйинга дисквалификация қилинади. Аввал бу меъёр учта сариқ карточкани ташкил этарди.
Мазкур қарор 2024/2025 йилги мавсумдан амалга киритилган еврокубоклар ислоҳоти билан боғлиқ. Янги формат туфайли Чемпионлар лигаси ва Европа лигасининг умумий босқичида ўйинлар сони 6 тадан 8 тага оширилгани учун УЕФА интизом қоидаларини ҳам қайта кўриб чиқди.
Конференциялар лигасида ўйинлар сони ўзгармаган бўлса-да, янгиланган қоидалар ушбу мусобақада ҳам амал қилади. УЕФА буни қишки трансферлар пайтида футболчилар турли еврокубокларда иштирок этаётган клублар ўртасида ўтиши мумкинлиги билан изоҳлади. Шу боис барча мусобақалар учун ягона интизомий талаблар жорий этилди.
Шунингдек, кейинги дисквалификациялар ҳар бир навбатдаги жуфт сонли сариқ карточкадан кейин қўлланади. Яъни футболчи 6-, 8-, 10- ва кейинги ҳар бир жуфт сонли сариқ карточкасидан кейин бир ўйинга четлатилади.













