Олмаотада янги футбол стадиони қуриладиган жойда дастлабки тайёргарлик ишлари бошланди. Лойиҳага кўра, янги арена 45 минг томошабинга мўлжалланган бўлиб, у Қозоғистондаги энг йирик спорт иншоотига айланади, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz нашри.
Қарийб 32 гектар майдонни эгаллайдиган ҳудудда асосий ва машғулот майдонлари, жамоалар учун махсус хоналар ҳамда мухлислар учун алоҳида зоналар қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда мутахассислар ҳудуднинг сейсмик ҳолатини ҳисобга олган ҳолда тупроқ хусусиятларини ўрганмоқда.
Шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, объектни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ тасдиқланганидан сўнггина эълон қилинади.
Олмаота шаҳри қурилиш бошқармаси лойиҳалаш бўлими раҳбари Сирим Турлиби стадион қурилиши жараёни ҳақида батафсил маълумот берди:
“Ҳозирги вақтда қурилиш бошқармаси бўлажак стадион учун синов тариқасида пойдевор қозиқларини (сваяларини) текширишдан ўтказмоқда. Бу жараён якунлангач, қанча таянч конструкциялари керак бўлиши аниқ белгиланади. Стадионнинг эскиз лойиҳаси УЕФАнинг тўртинчи тоифаси талабларига, шунингдек, Қозоғистон футбол федерациясининг техник топшириғига тўлиқ мувофиқ тарзда ишлаб чиқилган”.
Маълумот ўрнида, аввалроқ Тошкент шаҳрида ҳам қиймати 100 миллион долларга тенг бўлган 55 минг ўринли янги стадион барпо этилиши ҳақида хабар берилган эди. Мазкур арена 2027-йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон мамлакатлари ҳамкорлигида ўтказиладиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати учрашувларига мезбонлик қилиши кутилмоқда.













