«ПСЖ»нинг янги ярим ҳимоячиси Магнес Аклиуш парижликлар сафига кўчиб ўтгач, собиқ клуби «Монако» мухлислари ва жамоасига самимий миннатдорчилик билдирди.
«Қадрли «Монако», қадрли монегасклар! Мен бу ерга ҳали ўсмирлик чоғимда, фақат бир мақсад — футболчи бўлиш орзуси билан келган эдим. Орадан саккиз йил ўтиб, тасаввуримга сиғганидан ҳам анча кўпроғига эришиб, бу даргоҳни тарк этмоқдаман.
«Монако» каби клубда ҳар бир босқични жуда кўп иқтидорли ёшлар орасида меҳнат қилиб, ҳақли равишда эгаллаш керак. Ёшлар жамоасидан тортиб асосий таркибгача — бу либосни кийган ҳар бир кунимда унинг масъулиятини чуқур ҳис қилдим.
Айнан «Монако» туфайли Франция терма жамоасига чақирилдим, Олимпия ўйинлари ва Жаҳон чемпионатида иштирок этдим. Бу клуб ҳали ҳеч ким бўлмаган вақтимдаёқ менга ишонган. Мен буни ҳеч қачон унутмайман. Бугунги сўзларим хайрлашув эмас, балки чексиз миннатдорчиликдир. «Монако»сиз мен бугунги даражамга ета олмасдим», — деб ёзди Аклиуш Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
24 ёшли француз «ПСЖ» билан 2031 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган шартнома имзолади. Transfermarkt портали унинг трансфер қийматини 50 миллион еврога баҳоламоқда.
2025/26 йилги мавсумда Аклиуш барча турнирларда 43 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урган ва 11 та голли узатмага муаллифлик қилган.













