«Барселона» «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альварес ўрнига «Борнмут» форварди Эли Жуниор Крупини сотиб олиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда BILD нашри хабар беради.
Манба маълумотларига кўра, каталонияликлар бош мураббийи Ханс-Дитер Флик 20 ёшли франциялик футболчига қизиқиш билдирмоқда. Шу билан бирга, «Борнмут» футболчининг оғир жароҳатига қарамай, ўз ўйинчиси учун 80 миллион евродан ортиқ маблағ талаб қилаётгани таъкидланмоқда.
Қайд этилишича, «Барселона»нинг шорт-листидан шунингдек Харри Кейн («Бавария»), Серу Гирасси («Боруссия» Дортмунд) ва Александр Сёрлот («Атлетико») каби ҳужумчилар ҳам ўрин олган.
Ўтган мавсумда Крупи барча турнирларда 35 та ўйинда майдонга тушиб, 13 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган.













