Эквадор полицияси машҳур футболчиларнинг сурати туширилган наркотик моддалар партиясини аниқлаб, мусодара қилди.
CNN маълумотига кўра, тақиқланган моддалар Колумбия чегараси яқинида тўхтатилган юк машинасидан топилган. Автомобильнинг осма қисмига яширилган жойдан жами 369 килограмм кокаин солинган 370 та ўрам аниқланган.
Айрим ўрамларга «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанднинг сурати туширилган бўлса, бошқа бир қисми Лионель Месси тасвири билан белгиланган.
Қайд этилишича, жиноий гуруҳлар юкларни белгилашда кўпинча машҳур шахсларнинг суратларидан фойдаланади. Бу орқали наркотик маҳсулотни қайси жиноий тармоқ ишлаб чиқаргани ва кимга мўлжалланганини аниқлашади.
Наркотикларга қарши кураш бўйича полиция ходимлари шубҳали юк машинаси ҳақида аноним хабар келиб тушганидан сўнг операция ўтказган. Наркотик моддаларни ташишда фойдаланилган транспорт воситаси ҳайдовчиси қўлга олинган.













