Кириш Регистрация

Ислом Аҳмедов: «Қизил карточка барча режаларимизни бузиб юборди»

Баҳо:
+ | -

Водий дербиси доирасидаги «Андижон» — «Нефтчи» учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов иштирок этди.

Мутахассис 0:3 ҳисобидаги мағлубият, Усмонали Исмоналиевнинг қизил карточкаси, жамоанинг сўнгги натижалари, ёзги трансферлар ҳамда айрим футболчиларнинг клубни тарк этгани ҳақида фикр билдирди.

— Ўйин ҳақида фикрингиз?

— Мухлисларимиздан узр сўраймиз. Жуда аламли мағлубиятга учрадик. Бизни тинимсиз қўллаб-қувватлаб келаётган ишқибозларимиз олдида жуда уятдамиз.

Ўйинга келсак, қизил карточкагача учрашув тизгини бизнинг назоратимизда эди. Биргина қизил карточка барча режаларимизни бузиб юборди. Камчиликни тўлдиришга улгургунимизча биринчи голни ўтказиб юбордик.

— Мағлубиятнинг асосий сабабчиси ким деб ўйлайсиз?

— Мағлубиятдан кейин барибир мураббий айбдор бўлади. Қўлимиздан келганича тайёргарлик кўрдик. Биринчи таймда ёмон ўйнамадик. Ҳужумларимиз кўп бўлди, тўпни назорат қилдик.

Иккинчи тайм бошидаги кутилмаган қизил карточка барча режаларимизни бузди. Футболчимиз бу ишни атайлаб қилди, деб айта олмаймиз. Балки ҳиссиётга берилиб, ўзини тўхтата олмагандир.

Футболчиларимиз профессионал бўлиши ва ўзларини бошқара билиши керак. Қизил карточка ҳиссиёт таъсирида юз берди. Қолган вазиятларда футболчиларимиз 100 фоиз борини беришди. Уларни айблаш нотўғри.

— Ўша қизил карточка бутун жамоанинг ўйини ва тайёргарлигини ўзгартириб юборди. Сўнгги учрашувларда қизил карточкалар кўпаймоқда. Бунинг олдини олиш учун жамоада руҳий тайёргарлик ҳам олиб бориладими?

— Футбол барибир ҳиссиётларга бой ўйин. Футболчиларга тушунтирамиз, гаплашамиз. Лекин улар ҳам майдонда ўзларини бошқара билишлари керак. Ўйинчиларимиз атайлаб шундай қиляпти, деб ўйламайман.

— «Андижон» ёзги танаффусгача яхши ўйин кўрсатаётганди. Танаффусдан кейин 6 та учрашувда атиги 5 очко тўпланди. Бу натижа мураббийлар штабини ўйлантирмаяптими?

— Албатта, ўйлантиряпти. Изланяпмиз, камчиликлар устида ишлаяпмиз. Ҳаммасини яна бир бор кўриб чиқамиз.

Ўйин жиҳатидан ёмон кўринмаяпмиз. Аммо ҳужумларни якунлаш борасида муаммоларимиз бор эди. Шу сабабли янги ҳужумчи олдик. Бугун ҳам яхши ўйнаётгандик, лекин қизил карточкадан кейин вазият ўзгарди.

— Шоҳмалик Комилов нега ўйин қайдномасига киритилмади?

— Қайдномага 20 нафар футболчи киритилади. Барча ўйинчиларга имконият берамиз, уларни машғулотлар жараёнида кузатиб борамиз. Ҳар бир чизиқ учун футболчиларни қолдиришимиз керак.

Бизда рақобат кучли. Бу учрашувда Шоҳмаликка дам беришга қарор қилдик. У жамоамиз йиғини якунланаётган пайтда сафимизга қўшилди. Ҳали бизнинг ўйин услубимизни тўлиқ тушуниб етгани йўқ. Шу боис унга дам беришга қарор қилдик.

— Бу мағлубиятни омадсизлик билан боғлайсизми? Жамоангизда гол уриш учун бир нечта яхши вазиятлар бўлди, аммо дарвозабон ва ҳимоячилар тўпни қайтариб қолишди...

— Омаддан кўра, тақдир деб ўйлайман. Ҳаракат қилдик. Бугун ютқазиш пешонамизга ёзилган экан.

— Жамоага қабул қилинган Нодирхон Неъматхонов кўп ўтмай шартномасини бекор қилиб кетди. Шунингдек, дарвозабон Рустамжоновнинг кетишига нима сабаб бўлди?

— Нодирхон Неъматхоновга «Қизилқум»дан кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши бўйича аниқ таклиф берилган. Бизда, айтганимиздек, рақобат кучли. У ҳам кўпроқ ўйин амалиётига эга бўладиган жойни танлади.

Рустамжонов билан эса олти ойга келишилган экан. У «Республика ФА» жамоасига ўтди.

— Ёзги трансферлардан кўнглингиз тўлдими?

— Очиғи, рўйхатимизда бир қатор футболчилар бор эди. Уларнинг барчасини ҳам ола олмадик. Охирги кунгача футболчилар билан алоқада бўлдик, уларни жамоага жалб қилишга ҳаракат қилдик.

Яхшики, Рустам Турдимуродовни таркибга қўша олдик.

— «Нефтчи» Иззатилло Пўлатовни «Андижон»га қўйиб юборишга рози бўлган, аммо «Андижон» бу таклифни рад этган экан. Шу ҳолатга тўхталиб ўтсангиз.

— Бу масалани раҳбарият ҳал қилади. Айрим сабабларга кўра, трансфер амалга ошмади, — деди Ислом Аҳмедов.

Киритилди: 08:08, 14.08.2026.
Ўқилди: 1447 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик