«Барселона» ҳали «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альварес учун курашдан чиқмади, бироқ бозорда муқобил вариантларни ҳам кўриб чиқмоқда.
«Кўк-анорранглилар»да нафақат «Б режаси», балки «В режаси» ва ҳатто «Г режаси» ҳам бор, деб хабар бермоқда Sport нашри вакили, журналист Карлос Монфор. Каталония клуби фақат Альваресга умид боғлаш жуда хатарли эканини тушунишди ва шу боис бир нечта захира вариантларни белгилаб олишди.
Айни пайтда барча ҳолатлар шуни кўрсатмоқдаки, бу ёзда Испаниянинг амалдаги чемпионлари «матрасниклар» юлдузини харид қила олмаслиги мумкин. «Атлетико» футболчини сотиш масаласини муҳокама қилишдан қатъиян бош тортмоқда, ҳужумчининг ўзи эса трансферни маъқуллашга клуб раҳбариятини ишонтиришга уринса-да, жамоаси раҳбарияти билан очиқ можарога бормоқчи эмас.













