«Барселона» 2026/27 йилги мавсум учун жамоа сардорлари иерархиясини янгилашга тайёрланмоқда.
SPORT маълумотига кўра, Рафинья каталонияликларнинг асосий сардорига айланиши, Педри эса ундан кейинги — иккинчи сардор бўлиши кутилмоқда. Кейинги ўринларни Гави ва Эрик Гарсия эгаллаши мумкин.
Бу ўзгаришлар «Барселона» кийиниш хонасидаги авлодлар алмашинувининг давоми ҳисобланади. Испания матбуоти ҳам сўнгги кунларда Рафинья ва Педри жамоанинг асосий етакчиларига айланаётгани, Эрик Гарсия ва Гави эса сардорлар гуруҳига қўшилиш учун асосий номзодлар эканини ёзмоқда.
Рафинья «Барселона»да сардорлик вазифасига бегона эмас. Бразилиялик футболчи ҳали 2024/25 йилги мавсум олдидан Марк-Андре тер Штеген, Рональд Араухо ва Френки де Йонгдан кейин жамоанинг тўртинчи сардори этиб сайланган, Педри эса бешинчи ўринни эгаллаган эди. Ўша пайтда сардорларни футболчиларнинг ўзи овоз бериш орқали танлаган.
Кейинги мавсумларда Рафиньянинг жамоадаги нуфузи янада ошди. У Ҳанси Флик қўл остида нафақат майдондаги муҳим футболчилардан бири, балки кийиниш хонасида ҳам етакчилик вазифасини бажараётган ўйинчилардан бири сифатида қаралмоқда. Педри ҳам ёшига қарамай, клубдаги тажрибаси ва жамоадаги мавқеи туфайли етакчилар қаторига кирган.
Гави ва Эрик Гарсиянинг сардорлар гуруҳига қўшилиши эса «Ла Масия» тарбияланувчиларининг асосий жамоадаги таъсири тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Эрик Гарсия 2025 йил декабрида «Барселона» билан шартномасини 2031 йилгача узайтирган, Гавининг амалдаги келишуви эса 2030 йилгача мўлжалланган.













