"Барселона" Португалиянинг "Спортинг" клуби ҳужумчиси Луис Суаресга қизиқиш билдираётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Mundo Deportivo маълумотига кўра, Каталония клубидаги расмий манбалар 28 ёшли колумбиялик форвард Хулиан Альварес трансфери амалга ошмаган тақдирда муқобил вариант сифатида кўрилаётгани ҳақидаги хабарларни қатъий инкор қилган. "Барселона"нинг ҳозирги режасида асосий ва устувор мақсад — "Атлетико" ҳужумчиси Хулиан Альварес.
Аввалроқ инсайдер Фабрицио Романо ва айрим Испания манбалари "Барселона" Альварес билан келиша олмаса, "Спортинг" форварди Суарес вариантига мурожаат қилиши мумкинлигини хабар қилганди. Cadena SER ҳатто колумбияликни каталонияликларга энг маъқул муқобил номзод сифатида кўрсатган. Бироқ Mundo Deportivo'нинг клубдаги манбалари бу маълумотни рад этмоқда.
Ханси Флик ва спорт директори Деку учун биринчи рақамли номзод Хулиан Альварес бўлиб қолмоқда. "Барселона" аргентиналик ҳужумчини янги лойиҳанинг марказий фигураларидан бири сифатида кўрмоқда ва трансфер имконияти мавжуд экан, бошқа форвардга ўтиш ниятида эмас.
26 ёшли Альварес "Атлетико"га 2024 йилда "Манчестер Сити"дан ўтган ва Мадрид клуби билан 2030 йилгача шартнома имзолаган. Шу сабабли унинг трансфери молиявий ва музокаралар нуқтайи назаридан "Барселона" учун осон бўлмайди.
Луис Суарес эса "Спортинг" сафида сермаҳсул мавсум ўтказди. Колумбиялик футболчи Португалия чемпионатида 32 ўйинда 28 та гол уриб, ўзини Европадаги энг самарали ҳужумчилардан бири сифатида кўрсатди. Унинг шартномасида 80 млн евролик товон пули борлиги хабар қилинган.
Шунга қарамай, 14 август ҳолатига кўра "Барселона" Луис Суаресни Хулиан Альваресга муқобил вариант сифатида кўрмаётганини билдирмоқда. Каталонияликлар аввало аргентиналик форвард трансфери учун имкониятларни охиригача ишга солиш ниятида.













