"Бухоро" таркибига яқинда келиб қўшилган тажрибали футболчи Қувондиқ Рўзиев кеча дебют учрашувини ўтказиб, ўз ҳисобига ассист ёздириб қўйди.
Маҳоратли футболчимиз илк бор клуб матбуот хизматига интервью бериб, дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашди.
— Қувондиқ ака, авваламбор, «Бухоро» таркибидаги дебют учрашувингиз ва қўлга киритилган ишончли ғалаба билан табриклаймиз! Биринчи ўйинингизда чиройли ассистни амалга оширдингиз. Дастлабки таассуротларингиз қандай?
— Авваламбор, Бухоро аҳлини муҳим ғалаба билан табриклайман. Барча футболчилар мураббийларимиз кўрсатмаларини астойдил бажаришга ҳаракат қилди ва ўйлаган режаларимиз амалга ошди. Ўйин охиригача сабр қилдик ва ижобий натижани қўлга киритдик. Дебют учрашувимда жамоам ғалабасига ҳисса қўшганимдан хурсандман.
— Жамоамиз таркибига келиб қўшилганингизга ҳали кўп бўлмади, мослашиш жараёнлари қандай кечмоқда?
— Жамоага аста-секин мослашяпман. Бу ерда ҳам олдин бир жамоада ҳаракат қилган бир нечта дўстларим бор. Кўриниб турибдики, жамоамиз жуда аҳил ва яхши коллектив йиғилган, шу сабабли мослашиш жараёни осон кечмоқда.
— «Бухоро» жамоасига трансфер ойнасининг сўнгги кунида келиб қўшилдингиз. Жамоамизга келиш варианти қандай пайдо бўлди? Қарор қабул қилишда нималар муҳим бўлди?
— Жамоага келишимга директоримиз Шавкат Саломовнинг ҳиссаси катта бўлди. Мураббий мени ўз жамоасида кўришни хоҳлашини тушунтирди. Шу сабабли жамоанинг кўрсатаётган ўйини ва турнир жадвалидаги ўрнидан келиб чиқиб, «Бухоро» таклифини ўйлаб ўтирмасдан қабул қилдим.
— Айни вақтда «Бухоро» жамоаси мусобақа жадвалида кучли учликда бормоқда. Жамоанинг потенциалини қандай баҳолайсиз?
— Жамоамизнинг юқори учликда туриши тўсатдан бўлиб қолгани йўқ. Бунинг тагида катта меҳнат бор. Нафақат футболчилар, мураббийлар, бутун раҳбарият — ҳамманинг меҳнати ётибди. Шу сабабли ҳозирги кунда Суперлигада юқори ўринларда бўлиш, мен ўйлайманки, ажойиб натижа. Чунки «Навбаҳор», «ОКМК», «Насаф» каби кучли жамоалар билан қизғин кураш кечмоқда ва бу охиригача давом этса керак. Шу сабабли жамоа тасодифан бу ўринларда эмас, раҳбариятнинг қўллаб-қувватлаши, изланишлар ва қаттиқ меҳнат сабаб бу натижага эришмоқда.
— Кейинги турда собиқ жамоангиз «Нефтчи» клубига қарши майдонга тушамиз. Мазкур беллашувдан нималар кутяпсиз?
— Албатта, амалдаги чемпионларга қарши ўйнаш ҳар доим қизиқ бўлади. Менимча, ўйин куни мухлислар стадионни тўлдиришади. Табиийки, биз мухлислар қаршисида ҳар доим ғалаба учун тўп сурамиз. Мухлислар қўллаб-қувватлаши бизга қўшимча куч бағишлайди. Шу сабабли ғалаба қозониш учун бизда имконият бор деб ўйлайман ва бунинг учун майдонда бор кучимизни ишга соламиз.
— Бухоролик мухлислар мавсум давомида сиздан кўп нарса кутишади. Боиси, жамоамиз таркибидаги энг тажрибали футболчилардан бири сизсиз...
— Буни жуда яхши ҳис қилиб турибман. Жамоага ёрдам бериш учун келганман. Бу ҳар бир футболчининг вазифаси деб ўйлайман. Жамоа чемпионат охирида кучли учликдан жой олиши учун бор кучим билан ҳаракат қиламан. Мухлислар ишончи учун катта раҳмат айтиб қоламан.













