"Барселона" собиқ ярим ҳимоячиси Иван Ракитич каталонияликларнинг 2014/15 йилги Чемпионлар лигасидаги юришини мусобақа тарихидаги энг яхшиси деб ҳисоблашини айтди.
"Менимча, биз Чемпионлар лигаси тарихидаги энг яхши мавсумни ўтказганмиз. Биз Франция, Англия ва Германия чемпионларини, финалда эса Италия чемпионларини мағлуб этдик", деди хорватиялик футболчи.
Ўша мавсумда Луис Энрике бошқарувидаги "Барселона" плей-оффда амалдаги Англия чемпиони "Манчестер Сити"ни 1/8 финалда, Франция чемпиони "ПСЖ"ни чорак финалда ва Германия чемпиони "Бавария"ни ярим финалда мусобақадан чиқарган. Берлиндаги финалда эса Италия чемпиони "Ювентус" 3:1 ҳисобида мағлуб этилган.
Ракитич финалдаёқ 4-дақиқада ҳисобни очган, кейин Луис Суарес ва Неймарнинг голлари "Барселона"га клуб тарихидаги бешинчи Чемпионлар лигаси совринини келтирган.
2014/15 йилги мавсум "Барселона" учун "требл" билан якунланган — жамоа Ла Лига, Испания кубоги ва Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан. Бу Луис Энрикенинг каталонияликлар бош мураббийи сифатидаги илк мавсуми эди.













