"Реал" дарвозабонлар мураббийи Луис Льопис Мадрид клубини тарк этди. AS маълумотига кўра, янги бош мураббий Жозе Моуриньо 61 ёшли мутахассисни ўз штабида олиб қолмасликка қарор қилган.
Португалиялик мураббий дарвозабонлар билан ишлаш учун ўзининг кўп йиллик ҳамкори Нуну Сантушни олиб келган. Моуриньо ва Сантуш қарийб 20 йилдан бери бирга ишлаб келади. Льописнинг клубда бошқа вазифада қолиши имконияти ҳам муҳокама қилинган, аммо якунда томонлар ҳамкорликни тўхтатган.
Льопис "Реал"нинг асосий жамоасида жами саккиз мавсум фаолият олиб борган. У Кейлор Навас ва Тибо Куртуа каби дарвозабонлар билан ишлаган ва клубдаги сўнгги даври 2021 йилда Карло Анчелоттининг қайтиши билан бошланган эди. Кейинчалик у Хаби Алонсо ва Альваро Арбелоа штабларида ҳам ишини давом эттирган.
Моуриньо эса "Реал" мураббийлар штабида жиддий ўзгаришларни амалга оширмоқда. Шу билан бирга, жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис Антонио Пинтус клубда қолган, аммо унинг вазифаси аввалгидан фарқ қилади.













