Мадриднинг "Реал" клуби марказий ҳимоячиси Дин Хёйсен "Шальке 04"га қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувидан сўнг журналистлар саволларига жавоб берди.
"Қироллик клуби"нинг мавсумолди тайёргарлиги доирасидаги сўнгги учрашуви 3:0 ҳисобидаги йирик ғалаба билан якунланди. Хёйсен жамоасининг иккинчи голини урди. Шунингдек, Килиан Мбаппе ва Карлос Эспи ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилди.
21 ёшли испаниялик ҳимоячи ўз голини Арда Гюлернинг аниқ узатмасидан кейин бош билан киритганини таъкидлади.
"Голим? Арда Гюлер жуда ажойиб узатма берди. Мен тўпни бош билан дарвоза томон йўлладим ва, бахтимга, у дарвозага кирди", — деди Хёйсен.
Футболчи, шунингдек, "Реал" сафида 4-рақам остида ҳаракат қилиш унинг азалий орзуси бўлганини маълум қилди. Бу рақамни танлашига мадридликлар афсонаси Серхио Рамос таъсир кўрсатган.
"Мен доим 4-рақамда ўйнашни орзу қилганман. Серхио Рамос — менинг кумирим", — дея Хёйсеннинг сўзларини Madrid Xtra келтиради.
"Реал" 22 август, шанба куни Испания Ла Лигасидаги янги мавсумини бошлайди. Мадридликлар биринчи турда сафарда "Эспаньол"га қарши майдонга тушади.













