«Ливерпуль»нинг 19 ёшли ҳужумчиси Киран Моррисон 2026/27-йилги мавсумни «Шеффилд Уэнсдей» сафида ижара асосида ўтказади.
Ёш футболчи катталар футболида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш ва ривожланишда давом этиш мақсадида Биринчи лигада иштирок этувчи клуб сафига қўшилди.
Моррисон 14 ёшгача бўлган футболчилар жамоасидан бошлаб «Ливерпуль» академиясида тарбияланган. Сўнгги мавсумларда у клубнинг U21 жамоаси асосий футболчиларидан бирига айланди.
Киран ўтган йилнинг октябрь ойида «Ливерпуль»нинг асосий жамоасида дебют қилди. У Англия Лига кубоги доирасида «Энфилд»да «Кристал Пэлас»га қарши учрашувни асосий таркибда бошлади. Кейинчалик мавсум давомида яна бир марта асосий жамоа сафида майдонга тушди.
Моррисон май ойида «Ливерпуль» билан янги шартнома имзолади, июнда эса Шимолий Ирландия миллий жамоасида дебют қилди.
«Бу бой тарихга ва ажойиб мухлисларга эга улкан клуб. Шунинг учун трансфер амалга ошганидан хурсандман ва мухлислар қаршисида майдонга тушишни интиқлик билан кутяпман.
Ҳозир клубда қайта қуриш жараёни кетаётганини ҳамма билади ва мен унинг бир қисми бўлишни хоҳлайман. Бизда кучли таркиб бор, лигада эса рақобат юқори. Шунга қарамай, бу чемпионатда жуда яхши натижаларга эриша оламиз, деб ўйлайман ва жамоага ҳар қандай йўл билан ёрдам беришни истайман.
Мухлисларга, бош мураббийга ва барчага нима учун мураббий мени ўз сафига қўшиб олишни истаганини ҳамда бу ерда ўйнашга муносиб эканимни кўрсатмоқчиман», — деди Моррисон.













