“Манчестер Юнайтед” ва “Брайтон” камерунлик яримҳимоячи Карлос Балеба трансфери бўйича келишувга эришишга яқин турибди. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Манбага кўра, манкунианликлар раҳбарияти футболчи учун 70 миллион евро миқдорида кафолатланган тўлов ҳамда 5,8 миллион евро бонуслардан иборат таклиф билан чиққан. Клублар ўртасидаги музокаралар ижобий руҳда давом этмоқда ва томонлар 22 ёшли футболчининг трансфери бўйича келишувга эришиш устида ишламоқда.
Балеба ҳозирда тўпиқ боғламларидан олган жароҳатидан сўнг жисмоний ҳолатини тикламоқда. Бироқ жароҳат жиддий эмас ва у яқин орада майдонга қайтади.
“Манчестер Юнайтед” учун жорий ёзги трансфер ойнасида яримҳимоя чизиғини кучайтириш устувор йўналишлардан бири бўлди.
“Қизил иблислар” аллақачон мос равишда “Астон Вилла”дан Юрий Тилеманс ҳамда “Челси”дан Андре Сантосни сотиб олди. Шунингдек, “Аталанта” яримҳимоячиси Эдерсоннинг трансфери бўйича ҳам келишувга эришилганди. Бироқ бразилиялик футболчининг тиззасидаги жароҳати билан боғлиқ хавотирлар сабаб клуб битимдан воз кечди.
“Манчестер Юнайтед” Англия терма жамоаси футболчиси Эллиот Андерсонга ҳам қизиқиш билдирганди. Бироқ у ўрнига клубнинг асосий рақиби “Манчестер Сити”га ўтишни танлади.
Агар Балебанинг трансфери амалга ошса, у бош мураббий Майкл Керрик қўл остида Тилеманс, Сантос, Кобби Маину ва Бруно Фернандеш билан бирга асосий жамоа яримҳимоячилари қаторидан жой олади.
Мануэл Угарте айни пайтда Уругвай терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионати вақтида олган тизза жароҳати сабаб майдонга туша олмаяпти. Мэйсон Маунт эса мавсумолди тайёргарлик доирасидаги сўнгги икки учрашувни ўтказиб юборди.
Балеба 2023 йил ёзида “Лилль”дан “Брайтон”га кўчиб ўтган. У Англия клубида жами 112 та учрашувда майдонга тушган. Ўтган мавсумда эса “Брайтон” сафида 35 та баҳсда иштирок этган. Футболчи Африка Миллатлар Кубогида қатнашгани сабаб бир нечта учрашувни ўтказиб юборган.













