УЕФА ва КОНКАКАФ ташкилотлари Европа ва Шимолий Американинг 96 та терма жамоаси иштирокида ягона Миллатлар Лигасини ташкил этиш бўйича музокараларни бошлади. The Guardian нашри бераётган маълумотларга кўра, ушбу грандиоз турнир 2028 йилданоқ старт олиши мумкин.
Ушбу лойиҳа конфедерацияларнинг ФИФА ҳамда унинг президенти Жанни Инфантинога қарши курашидаги навбатдаги қадамига айланди. Аввалроқ УЕФА ва КОНКАКАФ Инфантинонинг истеъфосига эришиш мақсадида кучларни бирлаштирган эди.
Янги мусобақа амалдаги Миллатлар Лигаси каби кўп босқичли тизимга эга бўлади. Юқори дивизионда Испания, Франция, Англия ва Германия каби Европа грандлари КОНКАКАФнинг энг кучли жамоалари — Мексика, АҚШ ва Канадага қарши майдонга тушишади. Гуруҳ босқичидан сўнг плей-офф ва «тўртлик финали» ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Ўйинлар сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларидаги мавжуд халқаро танаффуслар вақтида, плей-офф баҳслари эса март ва июнь ойларида бўлиб ўтади. Ушбу турнир терма жамоаларнинг ҳозирги ўртоқлик ўйинлари ўрнини эгаллайди ва парвозларни қисқартириш учун ўйинлар географияни ҳисобга олган ҳолда тақсимланади. Келажакда ушбу глобал лойиҳага Осиё Футбол Конфедерацияси ҳам қўшилиши мумкин.













