"Пари Сен-Жермен" ёзги трансфер ойнасида вингер Ибраҳим Мбайе билан хайрлашиш учун 70 миллион евро талаб қилмоқда. Бу ҳақда RMC Sport журналисти Фабрис Хокинс хабар берди.
Манбага кўра, парижликлар белгилаган нарх футболчига қизиқиш билдираётган клублар тўлашга тайёр бўлган миқдордан юқори. Мбайенинг бозордаги қиймати тахминан 50 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
"Ливерпуль" 18 ёшли сенегаллик футболчи билан шахсий шартнома шартларини аллақачон келишиб олган. Бироқ мерсисайдликлар "ПСЖ" талаб қилаётган 70 миллион еврони тўлашни истамаяпти.
Мбайе Брэдли Баркола сингари трансфер ойнаси давомида "ПСЖ" қайдномасидан четда қолмоқда. Ҳар икки футболчининг ҳам Париж клубини тарк этиши мумкинлиги айтилмоқда. Хокинс аввалроқ "Ливерпуль" Мбайе ва Барколага қизиқишини давом эттираётганини маълум қилганди.
Мбайе ўтган мавсумда "ПСЖ" сафида барча мусобақаларда 31 та ўйин ўтказиб, 3 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Унинг Франция чемпиони билан шартномаси 2028 йилгача амал қилади.













