«ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике Франция чемпионатининг янги мавсумида «Ренн»га қарши сафарда ўтадиган илк учрашув олдидан жамоасининг тайёргарлиги ҳақида фикр билдирди. Испаниялик мутахассис, шунингдек, Франция Суперкубогида «Ланс»дан учралган мағлубиятга ҳам тўхталди.
«Бу жуда яхши ҳафта бўлди. Мавсум бошланиши бироз қийин кечди, чунки тўрт кун ичида иккита финал ўтказдик. Энди жамоани тайёрлаш учун вақтимиз бўлди. Кўрганларим жуда ижобий таассурот қолдирди. Мен ҳақиқатан ҳам жуда хурсандман.
Сўнгги уч йилда кўрганларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, Лига 1 осон чемпионат эмас. Ўтган мавсумда «Ланс»ни мағлуб этиш жуда қийин бўлганди. Чемпионлар лигасида ҳам Франция клублари ўз даражасини намойиш этди. Доимо ривожланиш истаги бўлиши керак», — деди Энрике.
«Сафарда ўйнаганда одатдагидек учрашув бўлади. Биз рақибларимизга қўшимча мотивация берадиган жамоамиз. Ўйин кескин кечади, биз эса ҳали ҳам яхшиланишимиз керак.
«Ланс»га қарши жуда яхши ўйнадик, натижа майдонда қилган ишларимизни акс эттирмайди. Баъзан футбол адолатсиз бўлади», — деди испаниялик мутахассис.
«Ҳозирги даражамиз қандай эканини билмайман. Чемпионатнинг дастлабки ўйинларида буни аниқлаш қийин. Аммо бу ҳафта машғулотларда кўрганларимга қараб, ўтган йилги даражамиздан ҳам яхшироқ бўлишимизга ишонаман.
Айрим футболчилар ўйин қайдномасидан ташқарида қолади ва бу улар учун жуда адолатсиз. Биз кўпроқ вариантларга эга бўлишни истаймиз. Футболчилар эса бу вазиятни имкон қадар тўғри қабул қилишлари керак», — дея қўшимча қилди «ПСЖ» устози.













