«Лидс» бош мураббийи Даниэль Фарке Англия чемпионатининг 1-турида «Ноттингем Форест» устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг фикрларини билдирди.
Фарке ярим ҳимоячи Антон Штахнинг ўйинини юқори баҳолади ва жамоа асосий эътиборини АПЛда қолиш вазифасига қаратиши кераклигини таъкидлади.
«Штахнинг ҳаракатларидан жуда мамнунман. Бу ёз у учун осон кечмади. Аввалига Германия терма жамоасига чақирилмади, кейин эса ўтган мавсумнинг сўнгги турида жароҳат олди. Мавсумолди тайёргарлик жараёни ҳам қийин ўтди.
У асосий таркибдаги ўрнига муносиб эди. Ҳал қилувчи голни киритсанг, бу ҳар доим ёқимли», — деди Фарке Sky Sports телеканалига.
Германиялик мутахассис жамоанинг дастлабки муваффақиятидан кейин эрта хулоса чиқармасликка чақирди.
«Олдимизда ҳали узоқ йўл бор. Биз 40 очко тўплашимиз керак ва бу борада ҳеч қандай хомхаёлга берилмаймиз.
Ушбу клуб сўнгги марта юқори дивизионда кетма-кет икки мавсум барқарор иштирок этган даврдан, эҳтимол, фақат оқ-қора суратларни топа оларсиз.
Уларни смартфонлардан топа олмайсиз, чунки ўша пайтда бундай қурилмалар ҳали ихтиро қилинмаганди. Шунинг учун камтарликни сақлаймиз, ортиқчага кўз тикмаймиз ва вазиятга реал баҳо берамиз.
Энг аввало, Премьер-лигада мустаҳкам ўрин эгаллаш ҳуқуқини қўлга киритишимиз кераклигини яхши биламиз», — дея қўшимча қилди Фарке.
«Ноттингем Форест» ва «Лидс» 25 август куни яна ўзаро учрашади. Бу сафар жамоалар Англия Лига кубоги доирасида майдонга тушади.













