"Фиорентина" ҳужумчиси Мойзе Кин "Комо"га ўтишни истаётгани сабабли клубдан уни трансферга қўйишни сўради. Бу ҳақда журналист Жанлука Ди Марцио хабар берди.
26 ёшли италиялик ҳужумчи "Фиорентина" раҳбариятига Франсеск Фабрегас бошчилигидаги "Комо" сафига қўшилиш истагини билдирган. "Комо" ҳам футболчини ўз сафига қўшиб олишга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Кутилмаган ҳолат юз бермаса, трансфер амалга ошиши кутилмоқда. Бунинг учун "Комо" ўз таклифи билан "Фиорентина"нинг молиявий талабларини қондириши, флоренцияликлар эса италиялик ҳужумчига муносиб ўринбосар топиши керак.
Инсайдер Маттео Мореттонинг ёзишича, "Комо" ва Мойзе Кин ўртасида трансфер бўйича аллақачон келишув мавжуд. "Фиорентина" ҳам форвардни қўйиб юборишга тайёр.
Аввалроқ "Комо" Кин учун 40 миллион евро миқдорида янги таклиф тайёрлаётгани хабар қилинганди.
Бунга қадар "Фиорентина" "Комо"нинг футболчини 5 миллион евро эвазига ижарага олиш ва кейинчалик 25 миллион еврога мажбурий сотиб олиш бўйича таклифини рад этган эди.
Ўтган мавсумда 26 ёшли форвард 33 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди.













