Лондоннинг «Челси» клуби ҳужумчиси Лиам Делап яқин вақт ичида «Ноттингем Форест» футболчисига айланиши мумкин. Бу ҳақда таниқли инсайдер Николо Скира хабар берди. Айни пайтда бошқа манбалар ҳам «Ноттингем Форест» Делап трансфери устида ишлаётганини тасдиқламоқда.
Манба маълумотига кўра, «ўрмончилар» 23 ёшли форвард учун 50 миллион евро тўлайди. Агар трансфер муваффақиятли амалга ошса, Делап «Ноттингем Форест» билан 2031 йилга қадар мўлжалланган шартнома имзолаши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Челси» Делапни ўтган ёзда ўз сафига қўшиб олган эди. 23 ёшли футболчи «кўклар» сафида барча мусобақалар доирасида 47 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt портали маълумотига кўра, англиялик футболчининг бозор қиймати 28 миллион еврони ташкил этади.













