«Челси»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Омари Келлиман Франциянинг «Страсбург» клубига ўтди. Бу ҳақда Лондон клуби матбуот хизмати хабар берди.
«Омарига фаолиятидаги янги босқични бошлаётган бир пайтда барча муваффақиятларни тилаймиз», — дейилади «Челси» баёнотида.
Таниқли журналист Грэм Бейлининг маълум қилишича, 20 ёшли футболчига Чемпионшипнинг кўплаб клублари қизиқиш билдирган, бироқ Келлиман фаолиятини Францияда давом эттиришга қарор қилган.
Шунингдек, «Челси» футболчини келажакда қайта сотиб олиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолгани қайд этилмоқда.
«Челси» Келлиманни 2024 йилда «Астон Вилла»дан 22,5 миллион еврога харид қилган эди. Бироқ ярим ҳимоячи Лондон клубининг асосий жамоасида дебют қилишга улгурмади. У «Челси» ёшлар жамоаси сафида бор-йўғи 5 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди.













