ЛАСК Чемпионлар лигаси саралашининг плей-офф босқичи жавоб учрашувида «Селтик»ни қўшимча вақтда 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Баҳс Австриядаги «Райффайзен Арена» стадионида бўлиб ўтди.
Учрашувда ҳисобни 21-дақиқада шотландияликлар ярим ҳимоячиси Каллум Макгрегор очди. Орадан 11 дақиқа ўтиб, Мосес Усор мезбонларнинг жавоб голини урди.
Иккинчи бўлим бошида ЛАСК яна икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Асосий вақт якунига яқин эса захирадан майдонга тушган Флориан Флекер ҳисобни 4:1 кўринишига келтирди.
Биринчи учрашувда «Селтик» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонгани сабабли, умумий ҳисоб тенглашди ва жамоалар 15 дақиқадан иборат икки қўшимча бўлим ўтказишди.
109-дақиқада захирадан майдонга тушган америкалик ҳужумчи Самуэль Адениран ЛАСКнинг бешинчи голини киритди. Орадан беш дақиқа ўтиб, у дубл қайд этиши мумкин эди, аммо пенальтидан фойдалана олмади.
Шу тариқа, ЛАСК икки учрашув натижасига кўра 5:4 ҳисобида ғалаба қозониб, Чемпионлар лигасининг умумий босқичига йўл олди. «Селтик» эса Европа лигасида иштирокини давом эттиради.













