«Динамо» бош мураббийи Вадим Абрамов Суперлиганинг 19-туридан ўрин олган «Пахтакор»га қарши учрашувдан (1:1) кейинги матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.
— Вадим Карленович, жанговар ўйин ва дуранг. Учрашув ҳақида фикрингиз?
«Аввало, барчани байрам билан табриклайман. Бундай кунда футболчилар ҳам мухлисларга байрам кайфиятини улашиши керак эди. Менимча, ўйин томошабинларга ёқди. Ҳар икки жамоада ҳам ғалаба қозониш имконияти бўлди. Умуман, дурангга мос баҳс кечди, деб ўйлайман.
Аламлиси, ўз майдонимизда очко йўқотдик. Энди кейинги ўйинларда ғалаба қозониб, йўқотилган очколар ўрнини тўлдиришимиз керак».
— «Нефтчи» ва «Пахтакор» каби етакчи жамоалардан очко олишни муносиб натижа деб ҳисоблаш мумкинми?
«Бу масалага қайси томондан қарашга боғлиқ. Тўғри, етакчиларга қарши ўйинларда ютқазмадик. Аммо бошқа томондан, ўз майдонимизда, мухлисларимиз қаршисида ўтказиладиган баҳсларни ютишимиз керак».
— Анваржон Ҳожимирзаев бугун ҳам майдонга тушмади. Унинг ҳолати қандай?
«Афсуски, Анварнинг жароҳати ҳали ҳам безовта қиляпти. Шу сабабли таваккал қилмадик. Даволанишда давом этади, кейинги ўйин олдидан ҳолатини яна баҳолаймиз. Бугун унинг йўқлиги, шубҳасиз, сезилди. Ҳозирча захира имкониятларимиз шундай».
— «Пахтакор»дек катта маош оладиган футболчилари бор жамоага қарши ўйнаш осон эмас. Етакчи футболчингиз йўқ пайтда қолганларни қандай руҳлантирасиз?
«Кучли жамоага қарши футболчини яна қандай руҳлантириш мумкин? Бундай ўйинларда футболчиларнинг ўзи етарлича мотивацияга эга бўлади. Ўзингиз уларнинг қанча маош олишини айтдингиз. Бизнинг йигитлар ҳам ўзларининг улардан кам эмаслигини исботлашга ҳаракат қилади. Лекин ҳасад яхши нарса эмас. Бундай фикрларни четга суриб, майдонга чиқиб футбол ўйнаш керак».
— Абдуғафур Ҳайдаров ўйинга қўшилди, аммо кескин бурилиш ясай олмади. Унинг ҳаракатларига қандай баҳо берасиз?
«Ҳайдаров ўйинни ўз зиммасига олишни ва доим дарвозага зарба беришни яхши кўрадиган футболчи. У менга Кержаковни эслатади — ҳар доим зарба беришга интилади. Жамоага яқинда қўшилди ва ҳали мослашиш жараёнида. Унинг тактикамизга тўлиқ мослашишини кутяпмиз».
— Ўйин давомида Эдем Немановдан бир неча бор норози бўлгандек кўриндингиз. Бу нима билан боғлиқ эди?
«Мен фақат унинг тўпни тезроқ ўйинга киритишини хоҳладим. Айрим вазиятларда у бу борада секин ҳаракат қилди. Лекин майдон ташқарисида туриб гапириш осон. Майдон ичида эса қарорни футболчиларнинг ўзи қабул қилади», — деди Вадим Абрамов.













