«Интер» ярим ҳимоячи Кристьян Аслланининг «Ал-Жазира»га ўтиши бўйича келишувга яқинлашди. Журналист Жанлука Ди Марцио маълумотига кўра, агар футболчи шахсий шартнома шартларини келишиб олса, трансфер 26 август куниёқ якунланиши мумкин.
Асллани БАА клубига 1,5 миллион евро эвазига ижара асосида ўтади. Шунингдек, келишувда футболчини 5 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи ҳам кўзда тутилган. У муайян миқдорда ўйин ўтказса, бу шарт мажбурий сотиб олиш бандига айланиши мумкин.
«Нерадзурри» албаниялик футболчини 2022 йил ёзида ўз сафига қўшиб олган, бир йил ўтиб эса унинг трансферини 15,7 миллион еврога тўлиқ сотиб олган.
Асллани «Интер» сафида 99 та учрашув ўтказиб, 4 та гол урди ва 5 та голли узатма амалга оширди. Ўтган мавсумда эса у «Торино» ва «Бешикташ» клубларида ижара асосида тўп сурди.













