«Ливерпуль»нинг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер тўланмаган солиқлар сабаб Буюк Британия Солиқ ва божхона хизмати — HMRC томонидан берилган банкротлик тўғрисидаги ариза объектига айланди.
Айни пайтда Британияда Sky Sports, АҚШда эса CBS телеканалларида шарҳловчи ва эксперт сифатида ишлаётган Каррагер HMRC даъвосидан сўнг чоршанба куни судда иштирок этди.
Банкротлик тўғрисидаги ариза қарз маблағларини ундириш учун судга киритиладиган расмий мурожаат ҳисобланади. HMRC маълумотига кўра, бундай чора тўланмаган солиқларни ундиришда фақат энг охирги чора сифатида қўлланади.
Солиқ тўловчилар маълумотларининг махфийлигига оид қонун талаблари туфайли HMRC алоҳида ишларга изоҳ бермайди. Бироқ ташкилот The Athletic нашрига Каррагер билан боғлиқ вазият юзасидан умумий баёнот берди.
«Биз солиқ қарзи бўлган мижозларга ёрдам беришга қаратилган ёндашувни қўллаймиз ва бизга мурожаат қилганларга қарздан чиқишда имкон қадар кўмаклашамиз. Масалан, бўлиб-бўлиб тўлаш режаларини таклиф қиламиз. Банкротлик тўғрисидаги аризага эса фақат энг сўнгги чора сифатида мурожаат қиламиз», — деди HMRC вакили.
Вазиятдан хабардор манбалар муаммо тез орада ҳал этилишини кутмоқда.
Каррагер 2013 йилда футболчилик фаолиятини якунлаган ва шундан буён Премьер-лиганинг энг таниқли экспертларидан бирига айланган.
Sky Sports’даги фаолиятидан ташқари, у Гари Невиллга тегишли The Overlap продюсерлик компаниясининг Stick to Football подкастида ҳам мунтазам қатнашади.













