"Милан" бош мураббийи Массимилиано Аллегри Италия чемпионати 4-турида "Наполи"дан учралган мағлубиятни изоҳлашга уринди, финал ҳуштаги чалинганидан сўнг Марио Балотеллининг қизил карточка олиши юзасидан фикрларини баён этди.
"Марио билан ҳали гаплашмадим, лекин менга у яна битта "сариқ" олгани ҳақида айтишди. Очиғини айтганда, унга нисбатан ўйин давомида кўп қўполликлар бўлди. У барибир яхши ўйин ўтказди.
Ўйин тугаганидан кейин яхшиси жим туриш керак. Васвасага тушиш керак эмас. Қолиб ҳакам билан тортишгандан кўра шунчаки жим бўлиб майдонни тарк этиш афзал. Барибир бирон нарса ўзгариб қолмайди. Балотеллининг ўзи ўзгариши керак.
Жамоа яхши ўйин кўрсатди. Дастлабки ўн дақиқада биз ўзимизга ўхшамаган, олдини олиш мумкин бўлган жойда гол ўтказиб юборган бўлсакда, бу ўйин чемпионатнинг бу мавсумидаги энг яхши ўйинимиз бўлди.
"Торино"га қарши учрашувда омадимиз келиб ҳисобни тенглаштиргандик (2:2). Бугун ана шу омадга қарзимизни қайтардик.
Энди "Милан" иложи борича кўп очко олишга ҳаракат қилиши керак. "Наполи" - скудеттога даъвогарлик қиляпти. Биз эса бир қатор етакчи ўйинчиларимизсиз улар билан тенгма-тенг ўйнадик.
Ҳаммасини қандай тўғрилаш борасида менда керакли ҳамма нарса бор, лекин менга аввало жароҳат олган футболчиларнинг майдонга қайтишлари керак", деди Аллегри.
Эслатиб ўтамиз, "Милан" мусобақа жадвалида 4 очко билан 11-ўринда бормоқда.