«Барселона» ҳимоячиси Пау Кубарси жамоанинг Ла Лигада кетма-кет икки учрашувда гол ўтказмагани ҳақида фикр билдирди. Испаниялик футболчи бу натижани кундалик меҳнат ва ҳимоя чизиғидаги ишонч билан изоҳлади.
«Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Барчаси ҳар куни тинимсиз меҳнат қилиш самараси. Бизда дунёнинг энг яхши дарвозабонларидан бири, балки энг яхшиси бор. Ҳимояда эса ўзимизга бўлган ишонч юқори.
Биз кўп меҳнат қиламиз ва ўйинлардаги кўрсаткичларимизни яхшилаш учун ҳар куни юқори даражада машғулот ўтказамиз. Асосий калит шу», — деди Кубарси.
Каталонияликлар 2026/27 йилги Ла Лига мавсумини ҳимояда ишончли бошлади. Ҳанси Флик жамоаси дастлаб «Эльче»ни 5:0, кейин эса «Атлетик»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, «Барселона» икки турда еттита гол уриб, ўз дарвозасидан ҳали тўп ўтказмади.
Дарвозабон Жоан Гарсия ҳар икки учрашувда ҳам дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. «Атлетик»ка қарши баҳсда эса Кубарси асосий таркибда ҳаракат қилиб, ҳимоядаги ишончли ўйини билан ажралиб турди.













