«Саутгемптон» дарвозабони Гэвин Базуну «Болтон» футболчисига айланиши кутилмоқда. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс хабар берди.
Томонлар 24 ёшли ирландиялик голкипернинг тўлиқ трансфери бўйича иш олиб бормоқда. Келишув яқин вақт ичида якунланиши кутилмоқда.
Клублар ўртасидаги битим тафсилотлари ҳозирча ошкор қилинмаган.
Базуну 2022 йилда «Манчестер Сити»дан 14 миллион евро эвазига «Саутгемптон»га ўтган эди.
Ирландиялик дарвозабон «Саутгемптон» сафида 97 та учрашув ўтказиб, 133 та гол ўтказиб юборди ва 19 та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлади.
У ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини «Сток Сити»да ижара асосида ўтказди.













