Осиё Паралимпия қўмитаси 2027-йилги конференсияси, тақдирлаш маросими ва Бош ассамблеясини Тошкентда ташкил этишга қарор қилди. Шу тариқа, Ўзбекистон мазкур тадбирларга тарихида илк бор мезбонлик қилади.
Пойтахт мезбонлик ҳуқуқини Осиёнинг бешта Миллий Паралимпия қўмитаси томонидан билдирилган таклифлар орасидаги танловда қўлга киритди.
Тадбирлар давомида қитъанинг 45 та Миллий Паралимпия қўмитаси вакиллари Тошкентда жамланиши кутилмоқда. Шунингдек, АПC Ижроия кенгаши аъзолари, спортчилар, халқаро федерациялар, мусобақа ташкилий қўмиталари ҳамда бошқа халқаро спорт ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этади.
Ташриф дастурининг асосий қисмларидан бири АПC конференсияси бўлади. Унда Осиёда Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, долзарб масалалар ва келгусидаги истиқболлар юзасидан маърузалар, мунозаралар ҳамда семинарлар ўтказилади.
Конференсиядан кейин Бош ассамблея ташкил этилади. Унда қўмита аъзолари ташкилий ва стратегик масалаларни кўриб чиқиб, минтақадаги Паралимпия ҳаракатининг келгуси ривожланиш йўналишларини белгилайди.
Тошкентдаги тадбирлар доирасида Осиё мукофотлари топшириш маросими ҳам ўтказилади. Унда қитъадаги Паралимпия ҳаракатига катта ҳисса қўшган ҳамда юқори натижаларга эришган спортчи ва мутахассисларнинг меҳнати эътироф этилади.













