Гана терма жамоаси ҳимоячиси Коджо Пепра Оппонг «Ницца»дан «Фенербахче»га ўтди. Янги футболчининг расмий тақдимоти 29 август, шанба куни бўлиб ўтади.
Оппонг Франция клуби билан хайрлашар экан, ижтимоий тармоқда таъсирли мурожаат қолдирди.
«Бу клуб ва бу йил мен учун қанчалик муҳим бўлганини сўз билан ифодалаш қийин. Бу ерда ўтказган ҳар бир дақиқамдан завқ олдим ва ажойиб тажриба орттирдим — жамоа билан кундалик лаҳзалардан тортиб, унутилмас хотираларгача. Айниқса, Франция кубоги финалига чиққанимизни ҳеч қачон унутмайман.
Аммо футболдан ташқари, бу йўлда учратган инсонларимдан энг кўп миннатдорман. Бу ерга футболчи сифатида келдим, энди эса мен учун ака-укадек бўлиб қолган дўстлар билан кетяпман.
Хотиралар, кулгилар, курашлар, ғалабалар ва ҳатто оғир дамлар ҳам мен билан абадий қолади. Мен бу клубни, бу шаҳарни ва «Ницца»ни шундай ўзига хос қиладиган инсонларни севиб қолдим.
Фаолиятим мени қаерга олиб бормасин, бу клуб ҳар доим қалбимда қолади», — деб ёзди Оппонг.
Ўтган мавсумда ҳимоячи барча мусобақалар доирасида 43 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол урди. Шунингдек, у 2026 йилги Жаҳон чемпионатида икки ўйинда иштирок этди.













