«Тоттенхэм» ярим ҳимоячиси Пап Матар Сарр «Ювентус»га ўтишга розилик берди.
Инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, 23 ёшли сенегаллик футболчи фаолиятини Туринда давом эттиришни истамоқда. «Ювентус» ва Сарр ўртасида шахсий шартнома шартлари бўйича аллақачон келишувга эришилган.
Айни пайтда клублар трансфер юзасидан музокараларни давом эттирмоқда. «Ювентус» футболчини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олишни таклиф қилмоқда. «Тоттенхэм» эса келишувда мажбурий сотиб олиш шарти бўлишини талаб қиляпти.
Transfermarkt портали Саррнинг бозор қийматини 30 миллион еврога баҳоламоқда.
Сенегаллик ярим ҳимоячи «Тоттенхэм» сафида барча мусобақаларда жами 141 та учрашув ўтказиб, 11 та гол урган ва 11 та голли узатмани амалга оширган.













