Люка Динь «Пари Сен-Жермен»даги иккинчи даврини муваффақиятсиз бошлади. Париж клуби 32 ёшли чап қанот ҳимоячисидан кўпроқ ҳаракат ва рақобатбардошлик кутмоқда. У Луис Энрике жамоасида асосий таркиб учун Нуну Мендеш билан рақобат қилмоқда.
Динь бу ёзда, клубни биринчи марта тарк этганидан 10 йил ўтиб, «ПСЖ»га қайтди. У аввал Париж жамоасида 2013–2016 йилларда тўп тепган.
Нуну Мендеш учта ўйинга дисквалификация қилингач, Динда ўзини кўрсатиш учун яхши имконият пайдо бўлгандек эди. Аммо у ушбу учрашувларнинг бирортасини ҳам асосий таркибда бошламади.
«Ренн»га қарши баҳсда чап ҳимояда Люка Эрнандес ўйнади, «Лилль» билан учрашувда эса бу позицияда Уоррен Заир-Эмери ҳаракат қилди. Динь «Лилль»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларидагина майдонга тушди, «Ренн» билан баҳсда эса захирада қолди.
L’Équipe маълумотига кўра, «ПСЖ» Динь Луис Энрикенинг тактик талабларига мослашиши учун вақт керак, деб ҳисобламоқда. Айниқса, тўп жамоада бўлган пайтда қанот ҳимоячиларининг марказга силжишига оид талабларга у ҳали тўлиқ мослашмаган.
Бироқ клуб 32 ёшли футболчидан рақобатда янада фаолроқ бўлишни ҳам талаб қилмоқда. «ПСЖ» ичидаги муносабат жуда аниқ: «У уйғониши керак».
Клубдаги манбалардан бири шундай деди:
«У иккинчи рақамли футболчи ролига рози бўлиб келгани — майли. Лекин у таътилда ёки ярим нафақада эмас. Биз унда шундай муносабат бор, демаяпмиз, аммо бунга йўл қўймаймиз. У курашиши ва Нунудан яхшироқ бўлишга ҳаракат қилиши керак, чунки Нуну ҳам ҳар бир ўйинда майдонга тушмайди. Рақобат қилиш унинг мослашув жараёнининг ҳам бир қисми».
Динь Парижга қайтишидан олдин асосий таркиб учун кучли рақобат борлигини билган. Бироқ унинг ҳозиргача кам ўйнаётгани Луис Энрике томонидан берилган дастлабки жиддий сигнал сифатида баҳоланмоқда.
«Мураббий футболчиларни атайлаб синовдан ўтказишни, уларга босим беришни яхши кўради. Биз жамоанинг хотиржамлашиб, ўзидан қониқиб қолишини истамаймиз», — деди «ПСЖ»даги манбалардан бири.
L’Équipe, шунингдек, клуб Динда жисмоний тайёргарлик бўйича ҳам етишмовчилик кўраётганини ёзмоқда. У тактик жиҳатдан мослашиш билан бирга, бу камчиликни ҳам бартараф этиши керак.













