«Реал Бетис» душанба кунги машғулотни трансфер ойнаси ёпилишига қадар клубни тарк этиши мумкин бўлган бир қатор футболчилар иштирокида ўтказди. Айни пайтда спорт департаментининг асосий трансфер мақсади Дани Себальос бўлиб қолмоқда.
Икер Лосада, Пабло Гарсия, Нельсон Деосса ва Альваро Фидальго келажаги ноаниқ бўлишига қарамай, машғулотда иштирок этди. Жамоани тарк этиши мумкин бўлган яна бир футболчи Гонсало Петит эса жароҳат сабаб машғулотда қатнашмади.
Клубнинг режаси — аввало Себальос трансферини якунлаш. Агар таркибдан муҳим футболчилардан бири кетса, «Бетис» Мануэль Пеллегрини талаби асосида таянч ярим ҳимоячисини ҳам олиб келишга ҳаракат қилиши мумкин.
Сўнгги миш-мишларга қарамай, душанба тонги ҳолатига кўра, Натан ёки Абде бўйича клубга ҳеч қандай расмий таклиф келиб тушмаган.
Шанба куни «Леванте»га сафарда 2:5 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг Пеллегрини машғулот олдидан футболчилар билан узоқ суҳбат ўтказди. Жовани Ло Чельсо эса кейинчалик жамоа билан қисман машғулот олиб борди.
«Бетис» Ла Лига мавсумини муваффақиятли бошлаб, «Реал Сосьедад» ва «Валенсия»ни бир хил — 1:0 ҳисобида мағлуб этган эди. Бироқ кейинги турда «Леванте»дан йирик ҳисобда енгилди.
Энди севильяликларни мураккаб тақвим кутмоқда: жума куни улар «Реал»ни қабул қилади, сешанба куни эса Чемпионлар лигасида «Лилль»га қарши баҳс билан еврокубок мавсумини бошлайди.













