«Хетафе» дарвозабони Давид Сория Ла Лига тарихида кетма-кет энг кўп учрашувни асосий таркибда бошлаган футболчига айланди. Бу ҳақда Marca хабар берди.
Голкипер Испания чемпионатининг 3-турида «Осасуна»га қарши ўйинда дастлабки дақиқалардан майдонга тушди. «Хетафе» 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган ушбу баҳс Сория учун Ла Лигадаги кетма-кет 193-старт бўлди.
Шу тариқа, у «Реал Сосьедад» собиқ ярим ҳимоячиси Хуан Ларраньягига тегишли бўлган 192 та ўйинлик рекордни янгилади.
Сориянинг бу серияси 2021 йил 13 август куни «Валенсия»га қарши учрашувдан бошланган. Дарвозабон Испания чемпионатида сўнгги бор 2020/21 йилги мавсумнинг охирги турида захирада қолган эди.
Шунингдек, Давид Сория «Хетафе» тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчилар рўйхатида ҳам юқори ўринда бормоқда. У клуб сафида 306 та учрашувда майдонга тушган ва бу кўрсаткич бўйича 4-ўринни эгаллаб турибди.
Клуб рекорди эса 335 та ўйин ўтказган Кабальерога тегишли.













