Бразилия чемпионатининг навбатдаги турида «Сантос» сафарда «Коринтианс»ни минимал ҳисобда мағлуб этди.
Учрашув вақтида телетрансляция камераси оиласи билан стадионга келган ёш мухлисни кўрсатди. Боланинг қўлида Неймарга аталган плакат бор эди.
Унда: «Мен «Коринтианс»нинг ашаддий мухлисиман, аммо сизнинг янада катта мухлисингизман», — деб ёзилганди.
Учрашувдан сўнг бу ҳолатдан таъсирланган Неймар трибунага яқинлашиб, болага ўз футболкасини совға қилди.
Бироқ derbyderbyderby.it хабарига кўра, «Коринтианс»нинг айрим радикал мухлислари клуб мағлубияти фонида бу ҳолатни «хиёнат» сифатида қабул қилган. Улар боланинг оиласига босим ўтказиб, стадиондан чиқишига тўсқинлик қилишган.
Вазиятга полиция ходимлари аралашиб, оиланинг стадионни хавфсиз тарк этишини таъминлаган.













