Бельгиялик ярим ҳимоячи Мартен де Рон «Рома» футболчиси сифатида таништирилганидан сўнг клуб мухлисларидан узр сўради.
Бунга 2023 йилда содир бўлган воқеа сабаб бўлди. Ўша пайтда «Рома» ва «Фейеноорд» Европа лигасида ўзаро тўқнаш келган, де Рон эса ижтимоий тармоқда римликлар мухлисларига қаратилган ҳақоратомуз ишора акс этган постни эълон қилган эди.
Футболчи ўтмишда «Фейеноорд» сафида тўп тепгани учун ўша қарама-қаршиликда Роттердам клубини қўллаб-қувватлаган.
Энди эса «Рома»га ўтган де Рон ўша ҳаракати учун афсусда эканини билдириб, мухлислардан кечирим сўради.
«Мен ижтимоий тармоқлардан жуда кўп фойдаланаман ва у ерда дўстларим билан турли нарсаларни бўлишаман. Аммо ўша сафар меъёрдан ошиб кетганим аниқ. Энди барча мухлислардан узр сўрамоқчиман», — деди де Рон.
Унинг сўзларини derbyderbyderby.it келтирди.
Мартен де Рон бунга қадар «Аталанта» сафида тўп тепиб келган.













